COVID-19: Россияда 1,1 миллион киши чекловларни бузгани учун жаримага тортилди
Россия полицияси пандемия бошланганидан бери COVID-19 чекловларини бузгани учун 1 миллиондан ортиқ кишини жаримага тортган. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.
976 мингдан ортиқ одамга фавқулодда вазият пайтида соғлиқни сақлаш протоколларини бузгани учун энг камида 1000 рублдан (13 доллар) жарима солинган.
Россия вирус юқтирганлар сони бўйича дунёда тўртинчи ўринда.
Мамлакатда бугунга қадар 2,2 миллиондан ортиқ одам коронавирусга чалинди, уларнинг 39 мингдан ошиғи вирус билан боғлиқ касалликлар туфайли нобуд бўлди. Асл рақамлар бу кўрсаткичлардан анча юқори эканига ишонилади.
Сўнгги ҳафталарда Россия шифохоналари беморларга тўлиб кетганига қарамай, расмийлар Европанинг бошқа жойларида бўлгани каби чекловларни қайта жорий қилмадилар.
Бунинг ўрнига, Россия ҳудудларида маҳаллий ҳокимиятлар ўз чекловларини жорий қилмоқда.
Октябрь ойида Россия ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб жамоат жойларида ниқоб тақишни мажбурий қилган.