Кулеба: ЕИ Россияни SWIFTдан узишга келишган
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи давлатлари Россияни SWIFT халқаро молиявий ўтказма тизимидан узишга амалда келишиб олган.
Буни Киев Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан талаб қилаётган эди.
Бу чора Россия банк тизимига жиддий зарба сифатида қаралмоқда.
Кулебанинг Facebook саҳифасида ёзишича, расмий қарор ҳали қабул қилинмаган, бироқ Европа Иттифоқининг барча давлатлари бу чорани аллақачон маъқуллаган, энди санкция қўллаш учун техник тайёргарлик бошланади.
Кулеба украиналик дипломатларга қилган ишлари учун миннатдорчилик билдириб, “Биз кемирдик, кемирдик ва кемирдик”, деб ёзди.
Аввалроқ Европа Иттифоқининг қатор давлатлари, хусусан, Германия, Италия, Қибрис, Венгрия бу чорага қарши чиққани, бироқ аста-секин уларнинг барчаси ўз эътирозларини қайтариб олгани хабар қилинганди. Рейтер агентлиги француз дипломатларига таяниб, шунингдек, ҳеч қайси давлат Россиянинг SWIFTдан узилишига тўсқинлик қилмаслигини, бироқ бу чоранинг турли тафсилотлари бўйича музокаралар ҳали ҳам давом этаётганини хабар қилганди.
Бирлашган Қироллик аввалроқ Россияни SWIFTдан узишга чақирган эди. АҚШ бу чорага қарши эмаслигини айтган, бироқ бу иш Европа Иттифоқи позициясига боғлиқ бўлиб турганди.