IT-Park халқаро IT-сертификатларини олиш учун харажатларни қоплаб беради
IT Park Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда халқаро IT-сертификатни қўлга киритишга оид харажатларни қоплаш дастурини ишга туширмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги 310-сон қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролари халқаро сертификат олиш учун сарфланган маблағнинг 50 фоизигача компенсация олишлари мумкин.
Талаблар:
- it-istedod.uz электрон порталида рўйхатдан ўтиш
- Ушбу сайтда онлайн ариза тўлдириш
- Керакли ҳужжатларни илова қилиш (шахсни тасдиқловчи ҳужжат, харажат бўйича квитанция қоғози, IT-сертификат нусхаси)
Агар ариза берувчи 16 ёшга тўлмаган бўлса, аризани тўлдиришда ота-онаси/васийлар ҳақидаги маълумотларни кўрсатиш лозим. Аризани кўриб чиқиш ва сертификатни текшириш жараёни 5 ишчи куни ичида амалга оширилади.
5 иш куни ичида кўриб чиқилади ва сертификат текширилади. Текширув билан боғлиқ муаммолар юзага келган тақдирда, жараён сертификат уни берган ташкилот томонидан тасдиқланмагунча 30 календарь кунгача давом этиши мумкин.
Керакли ҳужжатлар:
-таълим ва халқаро сертификат олиш харажатлари квитанция қоғози;
-муддати 180 кундан ошмаган сертификат (pdf форматида);
-қопланиши лозим бўлган маблағлар «Алоқа банк»нинг қайси ҳисоб рақамига ёки филиалига ўтказилиши ҳақида маълумот;
-фуқаролик паспорти ёки ID-карта (агар мавжуд бўлмаса, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, 3х4 ўлчамдаги рангли фотосурат).
Қайси халқаро сертификатлар компенсация ҳуқуқига эга? Рўйхат билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин:
Компенсация миқдори қай тарзда аниқланади?
Компенсация миқдори 3 хил категорияга кўра берилади.
Ёшга кўра:
-14 ёшдан 18 ёшгача — 15 фоиз;
-19 ёшдан 25 ёшгача — 10 фоиз;
-25 ёшдан 30 ёшгача — 5 фоиз.
Нархга кўра:
-50 доллардан 500 долларгача — 10 фоиз;
-500 доллардан 1 500 долларгача — 15 фоиз;
-1 500 доллардан 5 000 долларгача — 20 фоиз.
Сертификат даражасига кўра:
-Бошланғич даражадаги — 5 фоиз;
-Ўрта даражадаги — 10 фоиз;
-Профессионал даражадаги — 15 фоиз.
Шу тариқа сертификат қўлга киритган мутахассислар 20 фоиздан 50 фоизгача компенсация олишлари мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистонда 1 апрелдан IТ соҳасида қатор имтиёзлар жорий этилгани хабар қилинган эди.
daryo.uz