Назарбоев йил бошидан бери илк бор оммавий тадбирда иштирок этди
Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида 12 август куни Марказий Осиёдаги энг катта ибодатгоҳлардан бири экани иддао қилинаётган масжид очилди. Уни собиқ президент Нурсултон Назарбоев очиб берди. Бу Назарбоевнинг йил бошидан бери Қозоғистонда ўтказилган оммавий тадбирда илк бор кўринишидир.
Informburo.kz сайтининг ёзишича, 10 гектар майдонни эгаллаган масжиднинг гумбази баландлиги 83,2 метрни, диаметри эса 62 метрни ташкил этади. Унинг чор тарафида баландлиги 130 метр келадиган миноралар бор.
Масжиднинг тамал тоши 2019 йилнинг март ойида – Назарбоев истеъфога кетишидан бир кун олдин қўйилган.
Собиқ президент жума кунги чиқишида унинг “айрим фуқаролар ва сармоядорлар ҳисобидан” қурилган “фундаментал масжид” эканини урғулаган. Назарбоевга кўра, мажмуа учун давлат маблағлари сарфланган эмас.
Масжиднинг очилиш маросимида Назарбоевга яқин бўлган айрим собиқ амалдорлар, шу жумладан, Қозоғистоннинг собиқ бош вазири Асқар Мамин, президент ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиянинг собиқ раҳбари Қуаниш Султанов, Жамбил ва Олмаота вилоятларининг собиқ ҳокимлари иштирок этишган.