Қозоғистон Ўзбекистонга кўмир экспортини кўпайтиради
Қозоғистон 2025 йилдан кейин Ўзбекистонга кўмир экспортини босқичма-босқич кўпайтирмоқчи. Бу ҳақда, Kursiv.kz нашри хабарига кўра, Қозоғистон саноат ва инфратузилмавий ривожланиш вазирининг ўринбосари Иран Шархан маълум қилди.
Мулозимга кўра, 2025 йилдан бошлаб Ўзбекистонга кўмир етказиб бериш босқичма-босқич оширилиб, 12,8 миллион тоннага етказилади. Шархан экспорт йўналишлари кенгайтирилишини ҳам қўшимча қилган.
Нашр қайдича, 2022 йили Қозоғистон ЕОИИга кирмаган мамлакатларга қиймати 701,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 9,8 миллион тонна кўмир экспорт қилган. Бу кўмирнинг 487,9 минг тоннаси (13,6 миллион долларлик) Ўзбекистонга етказиб берилган.
Аввалроқ Статистика агентлиги Ўзбекистон жорий йилнинг илк чорагида хориждан 45, 2 миллион долларлик кўмир сотиб олгани, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 61,7 фоизга кўплиги ҳақида маълумот тарқатган эди.
Global Energy Monitor маълумотига кўра, Ўзбекистон кўмир қазиб олиш бўйича дунё давлатлари орасида 34-ўринда туради. Мамлакатда ҳар йили 4 миллион тоннадан зиёд кўмир қазиб олинади. Бу эса Ўзбекистонда кўмирга бўлган талабнинг саксон фоизини қондиради.
Ўзбекистон конларида 1853 миллион тонна қўнғир кўмир ва 47 миллион тонна қора кўмир мавжуд. Кўмирнинг умумий захиралари 5, 7 миллиард тоннадан кўпроқни ташкил қилади.