Римда Мирзиёевнинг Италия расмийлари билан музокаралари бўлиб ўтди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 июнь куни Римдаги Квиринал саройида италиялик ҳамкасби Сержо Маттарелла билан музокаралар ўтказди.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув чоғида икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик масалаларини кўриб чиққанлар.
“Президентлар куни кеча ўтган бизнес-форум натижаларини мамнуният билан қайд этдилар. Унинг якунида умумий қиймати 9 миллиард евродан зиёд бўлган келишув ва шартномаларнинг салмоқли тўплами имзоланди”, дейилган хабарномада.
Музокаралар пайтида гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган, шунингдек, таълим, археология, экологик хатарларга қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган.
Президентлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар, хусусан, Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашишган, афғон халқига манзилли гуманитар ёрдамни давом эттириш ҳамда махсус вакилларнинг маслаҳатлашувларини мунтазам ўтказиш муҳимлигини таъкидлашган.
Шу куннинг ўзида Шавкат Мирзиёев Италия бош вазири Жоржа Мелони билан ҳам учрашган. Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлиги ҳисобга олинган ҳолда, технологик ва инновацион шериклик бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлигини қайд этилган.
Аввалроқ Озодлик Шавкат Мирзиёев Италия президенти Сержо Маттарелланинг таклифига биноан 7-9 июнь кунлари расмий ташриф билан Римда бўлиши ҳақида хабар қилган эди.