Ижтимоий сўров: Ўзбекистонда май ойида шакар деярли 38 фоизга, гўшт 36,6 фоизга қимматлади
Ўзбекистон Марказий банки май ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди. Инфляцияни аҳоли қай даражада сезганини аниқлаш мақсадида олиб борилган ижтимоий сўровда турли ҳудудлардан 2 235 респондент иштирок этган.
Марказий банкнинг билдиришича, сўралганлар май ойида инфляцияни 13, 6 фоиз даражасида сезганлар. Инфляциянинг энг юқори даражаси Наманганда (16,3 фоиз), энг паст даражаси Навоийда (11,6 фоиз) бўлган.
Ижтимоий сўровда иштирок этганлар шакар ва қандолатчилик маҳсулотлари 37,8 фоизга, гўшт ва сут 36,6 фоизга, қурилиш материаллари 31,1 фоизга қимматлаганини билдирганлар. Бундан ташқари мева-сабзавотлар 22,7 фоизга, дорилар 22,6 фоизга, ижара ҳақи 17,3 фоизга қимматлагани қайд этилган.
Ўзбекистон Статистика қўмитаси эса сўнгги ҳисоботида май ойида инфляция даражаси 0,5 фоизни, йиллик инфляция кўрсаткичи эса 10,4 фоизни ташкил қилганини маълум қилган.
Статистика қўмитаси ҳисоботида майда озиқ-овқат, ноозиқ-овқат ва хизматлар бир хилда — 0,5 фоизга қимматлашгани белгиланган. Жумладан, гўшт ва гўшт маҳсулотлари апрелга нисбатан 1,9 фоизга, шакар, қандолат маҳсулотлари ва десертлар 1,8 фоизга ошгани қайд этилган.