Деҳли аэропортида Тошкентдан катта миқдорда тилла олиб келаётган икки ўзбекистонлик ушланди
Ҳозир уларга нисбатан суриштирув ишлари ўтказилмоқда.
«Дунё» ахборот агентлигининг хабар беришича, Тошкент — Деҳли самолётида учиб келган икки нафар ўзбекистонлик фуқаро катта миқдорда тилла буюмларини Ҳиндистон ҳудудига ноқонуний йўл билан олиб киришга уринаётганда қўлга олинган. Мавжуд маълумотларга кўра, ушбу Ўзбекистон фуқаролари Деҳлига тижорат мақсадларида мунтазам тарзда келиб турган.
«Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан фуқароларимиз билан боғлиқ суриштирув жараёни назоратга олинган ва Ҳиндистоннинг масъул ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ишчи алоқалар ўрнатилган. Шунингдек, вақтинча ҳибсга олинган ватандошларимиз билан учрашув ўтказиш чоралари кўрилмоқда.
Дипломатик миссия ватандошларимиздан хорижга, жумладан, Ҳиндистонга сафар қилиш чоғида чет давлатлар қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилишга, турли шубҳали гуруҳлар ёки шахсларнинг ёлғон ваъдаларига алданиб қолмасликка чақиради», дейилади агентлик хабарида.