Рамзан Қодировнинг 20 ёшли қизи бобоси Ахмат Қодиров шарафига таъсис этилган республиканинг олий мукофоти — Қодиров ордени билан тақдирланди
Рамзан Қодировнинг 20 ёшли қизи республика тиббиёти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун Чеченистоннинг олий ордени билан тақдирланди.
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 20 ёшли қизи Хутмат бобоси Ахмат Қодиров шарафига таъсис этилган республиканинг олий мукофоти – Қодиров ордени билан тақдирланди. Бу ҳақдаЧеченистон ахборот ва матбуот вазири Ахмед Дудаев ўзининг телеграм-каналида маълум қилди .
Дудаевнинг сўзларига кўра, Хутмат Қодирова “ўзига ишониб топширилган ҳар қандай соҳада” “ажойиб натижа” кўрсатмоқда.
– Шундай ёшлигида у вилоят тиббиёти ривожига улкан ҳисса қўшди. Бунинг ҳаммаси ўз халқи ва мамлакатининг ватанпарвари бўлгани учун!” деди вазир баёнотида.
Хутмат Қодирова 2023-йил мартида Чеченистон соғлиқни сақлаш куратори этиб тайинланган эди. Шунингдек, у республика раҳбари котибияти бошлиғининг ўринбосари лавозимини ҳам эгаллайди.
2021-йил октябр ойида Қодировнинг қизи Оишат Чеченистон маданият вазири бўлди. Ўша пайтда у 22 ёшда эди.
2023-йил апрелида Қодировнинг жияни 26 ёшли Ҳамзат Қодиров унинг кучлар блоки бўйича маслаҳатчиси ёрдамчиси бўлди. Бундан бироз олдин у Мулк ва ер муносабатлари вазири, Республика Бош вазири ўринбосари лавозимига тайинланган эди.