Россия йил якунига қадар гуруч экспортини тўхтатди
Россия Бош вазири Михаил Мишустин гуруч ва гуруч ёрмаси экспортига вақтинча тақиқ жорий этиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ушбу чеклов жорий йил 31 декабрга қадар амал қилади, дея ёзмоқда ЎзА.
– Гуруч ва гуруч ёрмаси экспортида муайян истисно мавжуд, – дейилади тегишли ҳужжатда. – Тақиқ Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар, шунингдек, Абхазия ва Жанубий Осетияга нисбатан қўлланмайди.
“Интерфакс” ахборот беришича, РФ гуруч маҳсулотларини инсонпарварлик ёрдами, халқаро транзит асосида чет элга юбориши мумкин.
– Вақтинча тақиқ Иқтисодиётни ривожлантириш ва интеграция масалалари бўйича ҳукумат комиссиясининг божхона-тариф ва тарифсиз тартибга солиш, ташқи савдода ҳимоя чоралари бўйича қуйи қўмитаси томонидан маъқулланди, – дейилади ҳужжатда.
Вазирлар Маҳкамаси ушбу қарор ички бозорда барқарорликни сақлаш мақсадида қабул қилинганини таъкидлаган. Ўтган ой охирида мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги гуруч экспортини тақиқлаш таклифини киритган эди.