Франция Сурия президентини ҳибсга олиш учун халқаро ордер берди
Франция Сурия президенти Башар Ассад ва унинг уч сафдошини тинч аҳолига қарши тақиқланган кимёвий қурол қўллаганликда айбламоқда. Civil Rights Defenders ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти тарқатган маълумотда айтилишича, Франция Ассад ва унинг уч сафдошини ҳибсга олиш тўғрисида халқаро ордер берган.
Сурия президенти ва унинг сафдошлари 2013 йил август ойида Дума шаҳри ва Шарқий Гута минтақасида кимёвий қурол ҳисобланган зарин газидан фойдалангани ортидан инсониятга қарши жиноятларни содир этганига ишонилиши айтилмоқда. Бу кимёвий ҳужумлар оқибатида мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган эди.
Францияда мазкур ҳолат юзасидан тергов 2021 йилнинг мартида кимёвий ҳужумдан омон қолган гувоҳлар ҳуқуқ-тартибот органларига ариза ёзганидан сўнг бошланган.
Мазкур жиноят иши доирасида Ассаддан ташқари унинг Сурия Республика гвардияси қўмондони лавозимидаги укаси Маҳер Ассад ва икки генерал айбланмоқда.
2013 йилда Сурия Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотига қўшилган. Ушбу ташкилот Дамашқни фуқаролар урушида кимёвий қуролдан фойдаланганликда бир неча бор айблаган. Сурия бу айбловларни рад этган.