ИД сафларида икки мингга яқин тожикистонлик борлиги маълум қилинди
Сурия ва Ироқда "Ислом давлати" гуруҳи сафларида 1899 нафар тожикистонлик жанг қилди. Бу ҳақда Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари Мансуржон Умаров парламентда қилган чиқиши чоғида айтди.
Бундан аввал Тожикистон ҳукумати расман “Ислом давлати” гуруҳи сафларида 1100 нафар тожикистонлик жанг қилаётганини билдирган эди.
Мансуржон Умаровнинг айтишича, тожик фуқаролари Сурия ва Ироққа Туркия орқали ўтган, улар Туркияга Москва, Бишкек, Дубай ва Боку орқали етиб борганлар.
Расмий бугунги кунда юзлаб жанггариларнинг оилалари Сурия, Ироқ ва Афғонистонда яшаётганини ҳам таъкидлади.
Хабарда айтилишича, Тожикистон ҳукумати шу кунгача Суриядан ва Ироқдан 80 фуқарони ватанига қайтаришга муваффақ бўлган. Яна 1700 тожик жанггариси қидирувга берилган.
Тожикистон ҳукумати Сурия ва Ироқдаги жангларда ҳалок бўлган тожикистонликлар сони тўғрисида аниқ маълумотга эга эмаслиги ҳам маълум қилинди.