Дунё бўйлаб панжара ортидаги журналистлар сони рекорд даражага етди
Эрондаги норозилик намойишлари бостирилиши бутун дунё бўйлаб қамоққа олинган журналистлар сонини 2022 йилда рекорд даражада – 533 нафарга етказгани айтилмоқда.
Матбуот эркинлигини назорат қилувчи ташкилотнинг йиллик ҳисоботига кўра, дунё бўйлаб қамоққа олинган журналистлар сони янги рекорд даражага чиққан.
Маълум бўлишича, 2022 йилда жами 533 нафар оммавий ахборот воситалари ходимлари қамоққа ташланган, бу ўтган йилги 488 нафардан кўп.
Уларнинг чорак қисмидан кўпроғи йил давомида қамоққа ташланган.
Яримдан кўпи бор-йўғи бешта давлатда қамоққа олинган. 110 нафари журналист билан Хитой “дунёдаги энг йирик журналистлар қамоқхонаси” бўлиб қолмоқда. Иккинчи ўринда Мьянма (62), учинчи Эрон (47), тўртинчи Ветнам (39) ва Беларус (31) бешликка киради.
Ташкилотнинг таъкидлашича, Эрондаги норозилик намойишлари бутун дунё бўйлаб қамоққа олинган журналистлар сонини рекорд даражага кўтаришга ёрдам берди.
Эронда ҳозирда қамоқда ўтирган 47 журналистдан 34 нафари мамлакатда кийиниш қоидаларини бузгани учун ҳибсга олинган.